Илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш докторантура, аспирантура ва мустақил тадқиқотчилик орқали олиб борилади.
Университетимизда фан доктори, профессорлар, фан номзоди, доцентлар ва катта ўқитувчилар 46 кафедрада илмий фаолият юритиб келмоқда. Ҳар бир кафедрада ўз йўналиши бўйича аспирант, докторант, мустақил тадқиқотчи ва магистрлар иштирокида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Университет ҳузуридаги фан номзоди илмий даражасини олиш учун диссертациялар ёқлаш бўйича К.067.44.03 рақамли Ихтисослашган кенгашда ихтисослик шифри 13.00.02 – таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (рус тили ва адабиёти, инглиз, француз ва немис тиллари) педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертациялар ёқланади.
Олий аттестация Комиссиясининг буйруғига асосан университет ҳузурида хорижий филология йўналиши бўйича номзодлик ва докторлик диссертацияларининг мавзуларини тасдиқлаш учун Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши очилган.
Университет профессор-ўқитувчилари, аспирант ва докторантлари республикамиз ва хорижда бўлиб ўтаётган турли халқаро, республика илмий- назарий, амалий анжуманларида ўз маърузалари билан мунтазам иштирок этмоқдалар. ЎзДЖТУда тез-тез турли илмий-амалий, назарий конференциялар уюштирилади.
2006 – 2008 йиллари 6 илмий-амалий лойиҳа ҳамда 2007 йили 2 инновацион ва 1 фундаментал лойиҳа ғолиб деб топилди.
2007 йил апрел ойида “Филология масалалари” журнали ЮНЕСКОнинг 1994 – 4233 ISSN рақамли халқаро сертификатини олди.
2007-2008 ўқув йили учун Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси томонидан ўтказилган танловда 10 нафар иқтидорли талаба ғолиб бўлди ва уларга 35 минг сўмдан стипендия ажратилди.
Университетнинг 3 нафар иқтидорли талабаси Навоий номидаги Давлат стипендиясига сазовор бўлишди.
Университет факультетларида 47 илмий тўгаракда иқтидорли талабалар билан иш олиб борилмоқда.
Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ичидан энг иқтидорлиларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятларини янада ривожлантириш мақсадида инглиз тили ва адабиёти, немис тили ва адабиёти, француз тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича республика олий таълим муассасалари талабаларининг ҳар йили фанлар бўйича олимпиадаси бўлиб ўтади.
