Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Журналист кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 1999 йил 26 февралда чиқарган қарорига асосан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети таркибида халқаро журналистика факултети ташкил топди.
Факултетда халқаро журналистика таълим йўналиши бўйича бакалаврлар ва халқаро журналистика ихтисослиги бўйича магистрлар тайёрланмоқда.
Талабалар гуруҳлари ўрганадиган чет тиллари сони 10 тани ташкил этади. Улар сирасига инглиз, немис, француз, испан, япон, хитой, араб, форс, поляк, корейс тиллари киради.
Халқаро журналистика факултетида 7 кафедра бор: жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи, аудиовизуал журналистика, сиёсий менежмент ва халқаро журналистика, ОАВ тили, услуби ва адабий таҳрир, ҳамда чет тиллари кафедраси.
Оммавий коммуникация ва ахборот технологиялари, публицистика ва адабиётшунослик кафедралари.
Факултетда 122 профессор-ўқитувчи ишламоқда.
Факултетда корейс, япон, хитой, поляк, инглиз тиллари марказлари ишлаб турибди ва “Ҳаваскор” радиостудияси, ўқув телестудияси, фотостудия фаолият олиб бормоқда.
Факултет очилган 1999-2000 ўқув йилида 125 талаба қабул қилинган бўлса, ҳозирги вақтда бу ерда 574 нафар талаба ва магистрант таҳсил олмоқда.
Факултетда 9 нафар чет эллик мутахассис (Корея, Япония, Хитой, Миср Араб Республикаси, Испания, Полша) фаолият кўрсатмоқда.
Факултетда семестр амалиёти ва малакавий амалиёт ташкил қилинган. Семестр (йиллик) амалиётида талабалар йил давомида ҳафтада бир кун барча тахририятларга раҳбарлари билан бирга бориб, амалиёт ўтайдилар. Малакавий амалиётни эса газета-журналлар таҳририятларида, Ўзбекистон телерадиокомпанияси, вазирликлар, нашриётлар, элчихоналар, қўшма корхоналар, фирмалар, вилоят ОАВда ва кўпгина ташкилотларнинг матбуот хизматларида ўтказадилар.
2006 йили офсет лабораторияси ишга тушди. 2007 йили факултетнинг ўқув газетаси “Халқаро журналист” нашр қилина бошланди.
Сиёсий менежмент ва халқаро журналистика кафедраси қошида «Sinergis» илмий-тадқиқот маркази фаолият кўрсатади. Бу марказ томонидан “Интеллект” номли маънавий-маърифий газета нашр қилинмоқда. Аудиовизуал журналистика кафедраси раҳбарлигида ёш тележурналистлар, радиожурналистлар, телерадиобошловчилар клуби ишлаб турибди.
