Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Республика тил ўқитиш маркази 1991 йили Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ташкил топган. Ҳозирги кунда Марказда машғулотлар икки йўналишда олиб борилади.
Биринчи йўналиш: Инглиз, рус, немис, француз, испан, корейс тиллари
Хорижий тилларнинг 3, 5, 10 ойлик курслари мавжуд. Ўқув йили давомида бир маротаба 10 ойлик, икки маротаба 5 ойлик ва бир неча маротаба 3 ойлик курслар ташкил этилади. Тингловчилар билим даражасига кўра бошланғич, ўрта ва юқори босқичларга ажратилади. Дарслар замонавий интерактив метод асосида ҳафтасига 3 марта, 4 соатдан малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Ўқув машғулотлари, тингловчиларнинг истак ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, эрталаб, кундузи ва кечқурун ўтказилиши мумкин. Тил ўргатиш давомида фонетик, грамматик курслар, ёзма ва оғзаки нутқ, уй ўқиши каби аспектлар комплекс равишда видео-аудио материаллардан фойдаланган ҳолда олиб борилади. Ўқув курсларини битириб, имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчиларга сертификат берилади. 10 ойлик курсни аъло битирган тингловчи олий маълумотли бўлса, ўз мутахассислиги бўйича таржимон бўлиб ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификат олади.
Иккинчи йўналиш: хорижий фуқароларга рус ва ўзбек тиллари.
Дарслар тил ўрганувчиларнинг билим даражаларига кўра, бошланғич, давомий ва юқори босқичларда ташкил этилади. Дарсларни малакали ўқитувчилар, хорижий тингловчининг талаб, истак ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, интерактив асосида видео-аудио манбалардан фойдаланиб олиб борадилар. Хорижий тил ўрганувчиларга тил ўргатиш баробарида Ўзбекистон, унинг одамлари, ўзбек турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари, иқтисоди, санъати, бой тарихий ёдгорликлари, географик ўрни ҳақида тўлиқ маълумотлар берилади ва маданий экскурсиялар уюштирилади.
Курсларнинг давомийлиги ҳорижий фуқароларнинг хоҳишларига биноан белгиланади. Дарслар ҳафтада 3 кун, 4 соатдан олиб борилади.
Ушбу шартлар асосида ўқиш истагини билдирганлар 1-2 марта дарсни тўловсиз кузатишлари мумкин. Марказда тил ўргатувчи курслардан ташқари қисқа муддатли компютер курслари ҳам ташкил этилган. Бу курсларда аввал назарий дарслар ўтилади ва кейин олган назарий билимлар асосида амалиёт ўтказилади.
