Жорий йилнинг 21 апрел куни Малайзия Республикасининг Олий таълим вазирлиги делегацияси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ташриф буюрди. Делегация вакиллари: Олий таълим вазирлиги Маркетинг ва Халқаро таълим бўлими раҳбари бош ёрдамчиси Ван Ханиза Мохамед ҳамда Маркетинг ва Халқаро таълим бўлим бошлиғи ёрдамчиси Нур Марлина Ахмад Рудзи.
Ташриф давомида делегация аъзолари университетимизнинг иккинчи инглиз филологияси факультетида жойлашган малай тили марказини кўздан кечирдилар. Мазкур делегация вакиллари Малайзия олий таълим тизими ва мавжуд филологик таълим йўналишидаги университетлари тўғрисида талабаларга батафсил маълумот бериб ўтишди. Ушбу марказ ўқувчилари бўлган малай тилини ўрганувчи талабалар, делегация аъзолари келишига бағишланган сахна кўриниши, шунингдек
малай тилини қай даражада билишини намойён этувчи оғзаки ва шеърий нутқ чиқишларини намойиш этишди.
Делегация аъзолари ушбу қисқа фурсат ичида талабаларнинг малай тилини ўзлаштирганлик даражаси билан ҳурсанд бўлишди. Учрашув, талабаларни қизиқтирган саволлари юзасидан муҳокама ўтказиш билан якунланди.
