• Ishonch telefoni: +998 71 230-12-91

Коронавирус: илк сабоқлар, саволлар, ўйлар

(Ниқоб тутиб, қўлқоп кийиб ёзилган мақола)

  Кейинги бир ой ичида дунё миқёсида коронавирус билан боғлиқ юз берган воқеалардан хабардор бўлиб, юртимиздаги вазият ҳақида эшитиб, ўқиб, кўриб, таъсирланиб, кўнглимда кечган фикрларни қоғозга тушириб, таҳририятга юбормоққа ҳозирланганимда телевизорда Президентимизнинг халққа мурожаати кўрсатила бошлади. Бу мамлакатимиз раҳбарининг ўн беш кун ичида эл-юртимиз тақдирини ўйлаб, қайғуриб қилган учинчи мурожаати эди!

  Президентимиз давлат раҳбарларига хос вазминлик, мулоҳазакорлик билан жаҳондаги вазиятга холис баҳо бериб, асосли далиллар келтириб, юртимиздаги мураккаб эпидемиологик ҳолат хусусида куюнчаклик билан сўзлади. Халқимизнинг кенгфеъллиги, меҳнатсеварлиги, сабр-бардошлилиги, оғирликни чидам билан енгиши, саховатпешалиги ва бошқа сифатларини алоҳида таъкидлади. Ҳаммани жипсликка, бир ёқадан бош чиқариб пандемия хавфини даф қилишга даъват этди.

  Авваллари кўча-кўйда, хиёбонларда ниқоб таққан кишини кўрсам ажабланардим: эс-ҳуши... жойидамикин? Энди ташқарида бирорта ниқобсиз кишини кўриб қолсам ҳайрон бўламан, рўй-рост жаҳлим чиқади: тартиб-қоидани билармикин ё ўзини билмасликка оляптими?

  Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги серқатнов Боғишамол кўчасида яшайман. Кўп йилдан буён эрталаб уйимиздан Ҳайвонот боғи, Ботаника боғигача пиёда юриб, тоза ҳаводан нафас олиб келишга одатланганман. Нонуштадан кейин университетга бориб, дарсимни ўтиб, кейин Журналистлар ижодий уюшмасига йўл олардим. Йиғин, тадбир бўлса қатнашиб, у ердан Матбуот уйидаги таҳририятларга бир-бир кириб, ҳамкасблар, шогирдлар билан ҳол-аҳвол сўрашиб, вақти бемалолроқ оғайним билан шахмат ўйнаб, баъзи ишларни битириб қайтардим.

  Энди бўлса, тор ҳовлида чарчагунча айланиб, оёқ чигилини ёзиб, жисмоний машқлар бажарадиган, “Ўзбекистон 24” телеканалини қолдирмай кўрадиган, китоб, газета ўқишга вақт топадиган, қоғоз қоралайдиган бўлдим. Аёлимнинг қулоғи куну тун радиода, ўғил, келин, невараларга бошқа каналлардаги кўрсатув, эшиттиришларни, газеталар шарҳи, брифинглар, вазирлик сайтлари, ижтимоий тармоқларни кузатиб боришни, соат сайин янгиликлардан бохабар бўлиб туришни тайинлайман. Бирорта янгиликдан бехабар қолмайлик-да. Иккинчи жаҳон уруши йиллари халқларнинг диққати машҳур сухандон, бетакрор овоз соҳиби Юрий Левитанда бўлган. Эллик тўрт йил муқаддам Тошкентга зилзила таҳдид солганда сейсмолог олим Валентин Уломовнинг ҳар бир хабари, далдасини жон қулоғимиз билан тинглаганмиз. Март ойининг ярмидан бошлаб санитар-эпидиомолог Нурмат Отабековнинг аниқ далиллар асосидаги вазмин гапларига, тавсияларига қулоқ тутиб ўтирибмиз.

  Коронавирус кўп мамлакатлар, ҳамжамиятлар, оддий ва масъул одамлар олдига қатор саволлар қўйди. Фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини синовдан ўтказди ва ўтказмоқда. Қаранг, ҳеч нарсадан кам-кўсти йўқдек туюлган бой, иқтисодий бақувват АҚШда оддий тиббий ниқоб ва қўлқоплар етишмаслиги, махсус шифохоналарга эҳтиёж катталиги маълум бўлди. Кунлар ўтган сайин касалга чалинганлар сони камайиш ўрнига кескин кўпайиб дунёда биринчи ўринга чиқиб олди ва шошилинч тадбирлар ўтказишга киришди. Номдор футболчилари, санъаткорларидан миллион-миллион доллар, еврони аямайдиган Италия, Испания каби давлатлар бу кўргиликларга унча тайёр эмас экан, кўп қурбонлар берди, бераётир. Анча-мунча мамлакатлар ўзи аъзо бўлган Европа Иттифоқидан керакли вақтда зарур ёрдам ололмаганидан ҳафсаласи пир бўляпти. Хатарли пандемия ҳайратланарли суръатда тарқалиб, 190 дан ортиқ мамлакатни қамради. Ғафлатда қолган давлатлар мудроқдан сергак тортиб, тезкор чоралар кўришга, касаллик билан курашиш, олдини олишга киришди.

  Коронавируснинг олдини олиш, унинг тез тарқалишига қарши курашишга Ўзбекистон пешқадамлардан бўлиб киришгани халқимизни беҳад қувонтирди, юракларга умид, ишонч бахш этди. Тўғри, дастлабки кезларда бир қадар хотиржамлик аломатлари сезилгандек эди. Лекин республикамиз раҳбарияти хавф-хатарнинг жиддийлиги, кеч ҳаракатнинг оқибатларини тез англаб, дарҳол фавқулодда, қатъий чора-тадбирлар кўришга киришди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев табиати, иш услубига хос қатъият, тезкорлик, топқирлик кўрсатиб, коронавирусга қарши курашиш бўйича салмоқли фармойиш, қатор қарорлар қабул қилди. Бош вазир раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилди, вазирлик, ташкилот, муассасалар бу ишга жалб этилди, 10 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Бу саъй-ҳаракатларни халқимиз кўриб, билиб, жаҳон афкор оммаси эътироф этиб турибди. Қилинган ишларни санаса, бир неча саҳифа тўлади. Барининг замирида халқ саломатлиги, тинчлиги, фаровонлиги ётибди. Чунки юрт равнақи, келажаги, энг аввало, ҳазрати инсонларнинг саломатлиги, жисмоний, руҳий бардамлигига боғлиқ-да.

  Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар замирида, донишманд боболар ўгитида, халқ мақол, маталларида қанчалик теран ҳикмат, кенг маъно, башорат ва огоҳлик борлиги шу синовли кунларда янада тасдиғини топди. “Бирники мингга, мингники туманга”, “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” мақоллари хориждан вирус юқтириб келиб, кўп одамни тўплаб зиёфат берганга, дардини яшириб юриб аҳволи оғирлашгандагина шифокорларга мурожаат этган юртдошимизга қарата айтилган эмасми?

  Махсус рухсатсиз шахсий машина ҳайдаш, жамоат жойлари, кўча, дўконларда ниқобсиз юриш тақиқланганини билса ҳам бунга амал қилмайдиганлар кўп бўлмаса керак, деб ўйлардим. Адашган эканман, бундайлар, афсуски, ўнлаб, юзлаб экан. Ички ишлар ходимларининг ўринли танбеҳи, юмшоқ муомаласига қўрс жавоб берган, жарима тўлашдан қўрқмайдиган боди йигитнинг охири машқи пасайиб, узр сўрашини кўриш, эшитиш ҳам ачинарли, ҳам кулгили. Моддий бойлик билан маънавий қадриятлар орасида узилиш, ҳатто жарлик борлиги, Беҳбудий бобомиз юз йилча муқаддам таассуф билан айтган “бизни кемираётган иллатлар”дан тўла қутула олмаётганимиз шу кунларда, айниқса, сезилаётир. Президент кўрсатмаси, республика комиссияси қарорини бажаришда, фуқаролар тақдирини ҳал қилишда йўл қўйилган камчиликларни рўй-рост айтаётган, айрим вазирликларни танқид қилаётган журъатли, фидойи депутатлардан қанчалик хуршнуд бўлсак, одамларни тинчлантириш ўрнига ваҳима тарқатган, кўнгилларга ғулғула солган айрим ноибларнинг қилғилиқлари дилни шунчалик хуфтон қилади. Бу гапларни тўқиб чиқарганим йўқ, ўқиганларим, кўрганларим асосида айтаётибман.

  Тартиб-интизомга хитойлик, япониялик, сингапурликлардай бир ёқадан бош чиқариб риоя қилмасак, Президентимиз, соҳа мутахассислари огоҳ этганидек, хавотирли вазият узоқ давом этиши мумкин. Ҳамонки коронавирусни даволаш чораси топилмай турган экан, ундан сақланишнинг ҳозирча энг самарали йўли — уйда бўлиш, фавқулодда заруратсиз кўчага чиқмаслик.

  Биз ҳаётсевар, некбин халқмиз. Вирус юқтирганлар сони аҳолининг умумий сонига нисбатан олганда, анча-мунча мамлакатлар билан таққослаганда камроқ, лекин рақамлар кўпайиб бораётгани ташвишли. Шундай мураккаб паллада ҳаётини хавфга қўйиб, кечаю кундуз тиним билмай ишлаётган шифокорларга қанча қуллуқ қилсак, оз. Батамом соғайганларнинг қувончдан йиғлаб, чексиз раҳмат айтаётгани, оқ либосга бурканган халоскорларнинг кўзларида ёш қалқиганини кўрган ҳар қандай дийдаси қаттиқ одамнинг ҳам кўнгли бўшаб кетади.

  Яхши сўз — жон озиғи. Далда бериш, кўнгилни кўтаришда ҳикмат кўп Даҳшатли уруш йиллари фронтдан ота-онасиз, қаровсиз болалар Тошкентга келтирилганда ҳамшаҳарларимиз, Шоаҳмад Шомаҳмудовлардек бағрикенг оилалар уларни ўз бағрига олди, едириб-ичирди, кийинтирди. Ғафур Ғулом “Сен етим эмассан!” деган машҳур шеърини ёзди, яна кўп асарлар битилди. Олтмиш олтинчи йил апрелида пойтахтимизда қаттиқ зилзила бўлиб, кўп талафот келтирганда Эркин Воҳидов “Палаткада ёзилган достон” номли асар ёзиб, кўнгли чўккан ҳамшаҳарларининг кўнглини кўтарди. Шу синовли кунларда Сирожиддин Саййид бир неча кун давомида телевизорда “Элдошларим, дилдошларим” деган гўзал шеърини шифокор, актёр, ҳарбийлар билан бирга ўқиб турди.

  Инсон зоти оғир, машаққатли кунларда синалади. Сараги саракка, пучаги пучакка ажралади. Қаттол уруш йиллари ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, матонат, сабр, бардош, садоқат, саховат, бағрикенглик, хайрихоҳлик каби фазилатлар тез бўй кўрсатди. Қўрқоқлик, сотқинлик, худбинлик, бахиллик, лоқайдлик, ахлоқсизлик сингари иллатлар сув устидаги кўпикдек қалқиб чиқди. Йигитлар, эркаклар фронтга жўнади. Бутун оғирлик аёллар, болалар зиммасига тушди. “Ҳамма нарса — фронт учун!” шиори илгари сурилганда халқимиз тўп, танк, снарядлар ишлаб чиқариш учун пул, кийим-кечак юборишди. Хотин-қизлар қимматбаҳо тақинчоқларигача ҳарбий эҳтиёжлар учун бахшида этди. Тошкент зилзиласи кунлари олижаноб одамлар уй-жойсиз қолган оилаларни хонадонлари бағрига олди. Вилоят, туманлардан, бошқа юртлардан меҳр-шафқат пуллари, кийим-кечак, озиқ-овқат, дори-дармонлар муттасил келиб турди. Дунёни чирмовуқдай босиб келаётган коронавирус одамлар, халқлар, мамлакатлар бир қадар яқинлашаётгани, совуқ муносабатларга илиқлик югураётгани, гина-кудуратлар орқага сурилаётганига сабаб бўлаётганини эшитиб, билиб турибмиз. Шиори дунёнинг барча мамлакатлари билан тенг, яқин муносабат ўрнатиш бўлган Ўзбекистон турли мамлакатларга инсонпарварлик ёрдами юборганди. Энди хориждан мутахассислар келиб, ўз маслаҳат ва ёрдамини таклиф этишяпти. Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига ҳар куни оддий одамлар, тадбиркорлар, фермерлар, ташкилот, муассасалар, турфа соҳа мутахассисларидан пул, маҳсулот, ҳимоя воситаларидан иборат беминнат ёрдам узлуксиз келиб турибди.

  Саховат — мажбурийликдан холи, шахсий ташаббусга асосланган, имон-эътиқод, виждон иши. Пайғамбаримизнинг ён қўшниси оч-наҳор ётганда тўйиб ухлаган тўқ кимса биздан эмаслиги ҳақидаги сўзларига, “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг бермасин” деган мақолга амал қиладиган камтар саховатпеша юртдошларимиз кўплиги аён бўлди.

  Президентимиз ҳаммамиз бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб курашсак, темир интизомга қатъий риоя қилсак, балони жиловласак, сўзсиз ғалаба қозонамиз, дея қайта-қайта таъкидлаяпти, огоҳлантиряпти. Бу чақириққа қулоқ тутиб, белгиланган қатъий тартиб-интизомга сўзсиз риоя қилсак, ҳадемай кўчаларимизни яна турнақатор машиналар шовқини тутади. Боғ-хиёбонларимиз гавжум бўлиб, тўй-ҳашамларда куй, ашулалар, қувноқ кулгилар янграйди.

Сайди Умиров,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
ёзувчи, журналист

10 Aprel 2020
Chop etish
-->